500 мингдан кўпроқ қозоғистонлик банкларнинг "қора рўйхати"дан чиқарилади. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев бугун имзолаган банк, микромолия ҳамда коллектор хизматларини тартибга келтириш тўғрисидаги қонунга кўра кредит тарихини сақлаш муддати 10 йилдан 5 йилгача қисқартирилади. Шу тариқа, қачонлардир банк кредити тарихида салбий из қолдирганлар жуда зарур бўлган тақдирда молиявий ташкилотлардан яна қарз олиши учун имконият туғилади. Қонунга коллекторлар фаолиятини тартибга солувчи меъёрлар киритилган. Улар эндиликда бегона телефон рақамларидан қўнғироқ қилиши тақиқланади. Коллектор қарздорнинг яқинларини безовта қилиши ҳам мумкин эмас. Масъуллар кредит тўламаётганлар билан бўлган ҳар қандай мулоқотини видео ва аудио орқали ёзиб олиши шарт. Қонун муаллифлари фикрича, бу меъёр коллекторлар томонидан қўпол муомала қилиш ёки қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олади. Шунингдек, микромолия ташкилотлари масъулияти оширилади. Масалан, кредитнинг тўлиқ миқдори шартноманинг биринчи саҳифасига ёзилиши зарур. Қонунга кўра тўлов кечиктирилганидан кейин 180 кун ўтгач, комиссия тўхтатилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси