4,6 триллион қийматга эга машинасозлик маҳсулотлари чиқарилди

4,6 триллион қийматга эга машинасозлик маҳсулотлари чиқарилди

Қозоғистонда машинасозлик сектори қиймати 4,6 триллион тенге бўлган маҳсулот чиқарилди. Ўтган йили ишлаб чиқариш 10 фоизга ўсса, 2025 йилнинг биринчи чорагида бу кўрсаткич 17 фоизни ташкил қилди. Қозоғистон иқтисодида қайта ишлаш саноати улуши сўнгги беш йил ичида 6 фоизга ортди. XII соҳа форумида соҳа пешқадамлари эришган ютуқлар ҳақида ҳикоя қилинди. Ўлжас Бектенов Давлат раҳбарининг иштирокчиларга йўллаган табрик сўзини ўқиди. Президент таъкидлашича, машинасозлик соҳаси ўз салоҳиятини тўла намойиш этиши ва Қозоғистон иқтисоди ривожланиши учун қўшимча туртки бериши шубҳасиз.

Ўлжас Бектенов, Қозоғистон Республикаси Бош вазири:

- Машинасозлик соҳасини янада ривожлантириш учун маҳсулотдаги маҳаллий ишлаб чиқариш улушини ошириш ва илғор технология, шу жумладан, сунъий интеллектни фаол жорий этиш зарур. Бундан ташқари, ходимлар учун қулай ва хавфсиз иш шароити яратиш, малакали ходимлар тайёрлашга ва уларнинг касбий маҳоратини оширишга эътибор қаратиш керак. Иқтисодий беқарорлик шароитида истиқболли йўналишлар ва соҳалар учун янги имкониятлар очилмоқда.

VI Халқаро ихтисослашган машинасозлик ва металлга ишлов бериш кўргазмасида Бош вазир Қозоғистон ва хориж ишлаб чиқарувчиларининг янги ишланмалари билан танишди. Жами, 20 та давлат, шу жумладан, Германия, Жанубий Корея, Хитой, Швейцария, Россия, Италия, Чехия компаниялари имкониятларини намойиш этди.

Абдумалик Сарманов таржимаси