Алматида Марказий Осиё минтақасида биринчи марта 29 сентябрдан 2 октябргача Умумжаҳон Нефть кенгаши Ёшлар форуми ўтказилади. Тадбирда глобал энергетик ўтиш, декарбонлаш ва кам углеродли тараққиёт масалалари муҳокама қилинади. Жаҳоннинг 29 давлатидан етти юз нафардан зиёд делегат 7-форумда қатнашишини тасдиқлади. Таъкидлаш лозимки, Умумжаҳон Нефть кенгаши – БМТ қошида рўйхатдан ўтган нотижорат ташкилот. Унинг мақсади – нефть-газ саноатига боғлиқ асосий масалаларни муҳокама қилиш. Ташкилотга 59 давлат аъзо бўлган. Қозоғистон 2008 йилдан буён унинг таркибида ишлаяпти. Куни кеча Бош вазир Алихан Смаилов ташкилот президенти Педро Мирас билан учрашди. Вазирлар Маҳкамаси етакчиси Қозоғистон водород энергетикасини ривожлантириш ва кўмир ўрнига газ ишлатиш тарафдори эканлигини тасдиқлади. Ҳозир республикада 2060 йилгача Углерод нейтраллигига эришиш стратегияси ишлаб чиқилмоқда.
Абдумалик Сарманов таржимаси.