Қозоғистонда машинасозлик ҳажмини
ошириш режалаштирилган.
2028 йилга бориб, соҳада 1 триллион 700 миллиард тенге қийматга эга 150 та лойиҳа рўёбга чиқарилади. Жорий йилда 217
миллиард тенге миқдоридаги 29 та лойиҳа ишга туширилади. Улар орасида автомобилсозлик, темирйўл,
қишлоқ хўжалиги, электротехника,
нефть-газ ва тоғ-металлургия машинасозлиги соҳаларига
тегишлилари ҳам бор.
Беш йил ичида мамлакат саноати ишлаб чиқарган маҳсулот
ҳажми икки марта, экспорт ҳажми эса уч марта ошиши кўзланган. Саноат ва
инфратузилмавий тараққиёт вазирлигида таъкидланишича,
ўтган йили саноатга киритилган капитал ҳажми мисли кўрилмаган даражада ошган ва беш юз миллион долларни ташкил қилган. Жорий йилнинг биринчи чорагида эса ушбу кўрсаткич 200 миллион долларга етди.
МАРАТ ҚАРАБАЕВ, ҚОЗОҒИСТОН
РЕСПУБЛИКАСИ САНОАТ ВА ИНФРАТУЗИЛМАВИЙ ТАРАҚҚИЁТ ВАЗИРИ:
- Таъкидлаш лозимки, қайта ишлаш саноати соҳалари ичида машинасозлик энг жадал ривожланмоқда. Сўнгги 5 йил ичида қайта ишлаш саноатида ўсиш ўртача 4,5
фоизни ташкил қилди, машинасозликда бу кўрсаткич 17,6
фоизга тенг бўлди. Рўёбга чиқарилиши
режалаштирилган лойиҳаларнинг бир қисми Россия, Хитой ва Ўзбекистон билан биргаликда амалга оширилади.
Бош вазир таъкидлашича, Машинасозликни ривожлантириш мажмуавий
режасини рўёбга чиқариш туфайли юксак кўрсаткичларга эришилади. Режа
устидаги ишлар давом этмоқда. Алихан Смаилов уни қисқа муддатда мувофиқлаштириш ва муҳокама
қилишни топширди. Унинг таъкидлашича, Саноат вазирлиги тегишли
давлат органлари ва ташкилотлар билан биргаликда бу жараёнда иштирок этиши лозим.
АЛИХАН СМАИЛОВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОШ ВАЗИРИ:
- Давлат ёрдами берилиши натижасида мамлакат корхоналари доимий иш ўринлари яратиш, янги корхоналар очиш, мавжудларини модернизациялаш орқали ижтимоий-иқтисодий тараққиётга ўз улушини қўшиши мумкин. Саноат ва инфратузилмавий тараққиёт вазирлиги машинасозликни ривожлантириш, белгиланган режаларни рўёбга чиқариш бўйича фаолликни ошириши зарур.
Абдумалик Сарманов таржимаси