Манғистаулик чеварлар туя юнгидан тайёрлаётган маҳсулотлар
фақат Қозоғистондагина эмас, ундан ташқарида ҳам талабгир бўлиб бормоқда. Қарақия
туманидаги кичик қишлоқда яшовчи ҳунармандлар ишлаб чиқараётган намат буюмлар
Қирғизистонда муваффақият билан сотиляпти. Навбатдаги партия Японияга жўнатилиши режалаштирилган.
Сауле Салихова, Манғистау вилояти ишбилармон аёллар
ассоциацияси раиси:
– Айтиш мумкинки, бу дастлабки партия эди. Буюмларимизни Бишкекка «Бир қишлоқ – бир маҳсулот» лойиҳаси раҳбари олиб кетганди. Шундай, биз Қозоғистонда биринчи бўлиб шу йўналишда ўз маҳсулотимизни экспорт қилдик. Ўйлашимча, бу юртимиз учун катта ғалаба. Чунки қишлоқ аёллари қўли билан яратилган буюмлар хорижда катта талабга эга бўляпти. Бу билан жуда фахрланамиз.
Қишлоқдаги кичик корхона давлат кўмаги билан очилган. Туя ва қўй жунидан сувенир ва ўйинчоқлар, устки кийим ва пойабзал тайёрланади. Айниқса, болалар этикчаларига талаб катта. Бу ҳайратланарли эмас, маҳсулот иссиқни жуда яхши ушлайди ва экологик тоза ашёдан тикилган.
Анар Кошаева, ҳунарманд:
- Биз қўй ва туя жунидан ҳар хил маҳсулотлар ишлаб чиқарамиз. Бизга шундай жойлар учун махсус тайёрланган маҳсулотни сотиш таклифи келиб тушди. Бундай ташаббусни биз қўллаб-қувватлаймиз. Бу ерда, асосан, илгари уйда ишсиз ўтирган аёллар, шу билан бирга, имконияти чекланганлар ишлайди.
Манғистаулик чеварлар маҳаллий туркомпаниялар билан ҳам музокара олиб бормоқда. Ҳунармандлар туя жунидан тайёрланган сувенирлар меҳмонхоналар ва ташриф-марказларда сотилишини истайди.
Хуршида Абдуллаева таржимаси