ТЭМ учун 3,7 миллиард доллар инвестиция жалб этилди

Қозоғистон «яшил» энергетика учун 3,7 миллиард доллар инвестиция жалб этди. Бокуда бўлиб ўтган Бутунжаҳон иқлим саммитида тегишли ҳужжатлар имзоланди. Шу жумладан, Қозоғистон ва Озарбайжон энергетика вазирликлари ўртасида тегишли меморандум имзоланди. У молиявий ташкилотларнинг энергетик ўтиши механизми орқали углерод нейтралиги мақсадларига эришишни кўзда тутади. Ундан мақсад – қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, энергия самарадорлигини ошириш, энергия ишлаб чиқаришда янги технологиялардан фойдаланиш. Хитой билан ҳам яна бир шартнома тузилди. У ТЭМ соҳасида лойиҳаларни рўёбга чиқаришга қаратилган. Инвесторлар умумий қуввати 22 гигават бўлган 4 та объект бунёд этишади. Лойиҳалар 2035 йилгача қурилади. Бирлашган Араб амирликлари компанияси Жамбил вилоятида шамол электростанцияси қурмоқчи. Лойиҳага 1,5 миллиард доллар инвестиция киритилади.


Алмасадам Сатқалиев, Қозоғистон Республикаси Энергетика вазири:


- Қозоғистонда бундай технология ва ечимларнинг мввжудлиги углерод изини камайтириш, углеродсиз ривожланиш мақсадлари сари муваффақиятларга эришилаётганини кўрсатади. Ушбу объектлар, қуёш, шамол, биогаз, кичик ва ўрта ГЭСларга асосланган ТЭМлар кун тартибида турибди. Умуман олганда, портфель диверсификацияланади.


Бугунги кунда Қозоғистонда 148 та тикланувчи энергия манбаи ишлаб турибди. Электроэнергия ишлаб чиқаришдаги улуши 6,6 фоиз. 2030 йилга бориб у 30 фоизга, 2050 йилда 50 фоизга етади, дейди экспертлар.


Жакып Хайрушев, «Атамекен» миллий палатаси бошқарувчи директори:


- Мўлжалланаётган электроэнергия экспорти Қозоғистонда ТЭМ ривожланишига туртки беради. Тегишли инвестициялар келиши ҳам кенгаяди. Бу эса иқтисод учун фойдали. Иккинчи масала шундаки, биз Қозоғистон бизнеси ва хорижлик инвесторларга бундай технологияларни ривожлантириш имкониятини беради. Тегишли қонунчилик базаси мавжуд, ҳуқуқий ҳужжатларни мавжудлиги эса бундай лойиҳаларни жадал рўёбга чиқаришга йўл очади, жозибали қилади.


Абдумалик Сарманов таржимаси