Таълим ва фан вазирлиги иккига бўлиниши керакми?

Таълим ва фан вазирлиги иккига бўлиниши керакми?

Давлат раҳбарининг Таълим ва Фан вазирликлари ташкил этиш тўғрисидаги таклифи долзарб ва ўринли. Парламент Сенати депутати Мурат Бақтиярулининг таъкидлашича, бугунги кунда вазирлик зиммасида 200 дан кўпроқ функция бор. Мамлакатда ўн мингдан зиёд таълим даргоҳи мавжуд. Сенатор фикрича, айни вақтда Қозоғистон фани алоҳида эътиборга муҳтож. Эслатамиз, мамлакат президенти Алмати шаҳрида бўлиб ўтган Миллий фанлар академиясининг юбилей сессиясида 2 вазирлик ташкил этиш ташаббусини кўтарганди.

Мурат Бақтиярули, Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати Депутати:

- Янги вазирлик учун энг мақбул ном – Маориф вазирлиги. Унга болалар боғчалари, ўрта мактаблар, коллежлар қарайди. Иккинчи идора – Олий таълим ва фан вазирлиги эса олий ўқув юртлари ва фанни ривожлантириш билан шуғулланади. Аслида, таъкидлаш лозим, биз янги нарса кашф этмаяпмиз. Совет иттифоқи даврида шундай амалиёт бўлганди. Бу ҳақда ўтган йили ҳам гапирганмиз. Лекин масала бу йил пишиб етилди.

Сенатор фикрича, уч тилли таълим тизими бошланғич синфларда қўлланилмаслиги зарур. Депутат таъкидлашича, бошланғич билимни қозоғистонлик ўқувчилар фақат она тилида олиши зарур. Ўрта мактаб ёшидан улар бошқа тилларни чуқур ўрганиши айни муддао бўлади.

Мурат Бақтиярули, Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати Депутати:

- Парламент аъзоси сифатида менинг фикрим шундай: рус тили чет тиллари қаторида кўрилиши зарур. Бизда чет тили деган  предмет бор, тўғрими?! Масалан, рус адабиёти. Нега биз рус адабиётини алоҳида ўрганамиз?! Бизда чет эл адабиёти бор, рус адабиёти бор. Россия – хорижий давлат. Шунинг учун бола келажакда қайси тилни чуқур ўрганишни, рус адабиёти, инглиз адабиёти ёки, масалан, форс адабиётини ўзи танлаб олиши керак.

Таъкидлаш лозимки, шу кунларда Қозоғистонда ўн мингдан кўпроқ болалар боғчаси, 7,5 минг мактаб, 820 коллеж ва 120 олий таълим даргоҳи мавжуд. 386 ташкилот илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлари билан шуғулланади.

Абдумалик Сарманов таржимаси.