Қозоғистон иқтисоди уни ўзгартирувчи ечимлар ва янгича
ёндашувларни талаб қилади. Шу жумладан, қайта ишлаш саноатини ривожлантириш,
логистика ва транзит-транспорт имкониятларидан фаол фойдаланиш ҳамда янги
технологияларни жорий этиш зарур. Ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилишида Қосим-Жўмарт Тўқаев республика ўзининг «ўртача мамлакат» мавқеини сақлаб қолиши
кераклигини таъкидлади. Бунинг учун иқтисод, инвестиция, фан ва технологияларда
амалий ютуқларша эриши лозим. Сенат депутатлари фикрича, мамлакатда ўзгаришларни амалга ошириш учун салоҳият етарли.
Парламент эса янги қонунчилик ташаббусларини ишлаб чиққан ҳолда бу жараёнга
фаол хизмат қилишга тайёр.
Андрей Лукин, Қозоғистон
Республикаси Парламенти Сенати депутати:
- Ҳукуматга тегишли топшириқлар берилди. Шу
жумладан, ишлаб чиқаришни диверсификациялаш йўналишида ҳам. Шунинг учун биз
бугунги кунда иқтисодда кескин ўсишга имкон берувчи лойиҳалар яратиш, илм-фанга
асосланган, янги технологиялар ва сунъий интеллектдан фойдаланадиган ишлаб чиқаришларни йўлга қўйиш каби кўзланган
натижаларга эришиш учун Қозоғистон салоҳияти
етади, деб ҳисоблаймиз.
Қосим-Жўмарт Тўқаев уй-жойларни бошқариш
тизимини ислоҳ қилиш бўйича ҳам муҳим топшириқ берди.
Мамлакатда ўтган йили мисли кўрилмаган даражада кўп - 19 миллион квадрат метр
уй-жой бунёд этилди. Лекин сифат ва ҳамёнбоплиги муҳим, деб таъкидлади
Президент. Бунинг учун соҳадаги барча жараёнлар – шаҳарни режалаштиришдан
тортиб, объектларни қандай шаклда фойдаланишга топширишгача рақамлаштирилиши керак.
Йил охиригача ягона ахборот тизими яратилиши бунга ёрдам беради.
Андрей Лукин, Қозоғистон Республикаси
Парламенти Сенати депутати:
- Яқинда мавжуд қонунчиликка, шу жумладан,
уй-жой муносабатлари тўғрисида қонунчиликка ўзгариш ва қўшимчалар киритилди.
Биз аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари, давлат хизматчилари, бошқа тоифалардаги
фуқаролар учун уй-жой харид қилиш масаласини ҳал этиш учун ечимларни кўзда
тутдик. Маълумки, уй-жой билан таъминлаш ҳамиша долзарб бўлган. Шунинг учун Ўтбаси
банк жорий йилдан шаҳар ва вилоят ҳокимликлари, уй-жой тақсимоти марказлари
билан ҳамкорликда бу иш билан фаол шуғулланади.
Абдумалик Сарманов таржимаси

