«Пандемия сабоқлари: Қозоғистон тажрибаси» форуми ўтказилди

«Пандемия сабоқлари: Қозоғистон тажрибаси» форуми ўтказилди

Мамлакатлар бошдан кечирилган коронавирус пандемияси сабоқларини ҳисобга олган ҳолда бирлашиши керак. Астанада бўлиб ўтган, мамлакатимиз олимларининг COVID-19га қарши курашига бағишланган халқаро форум иштирокчилари шундай баёнот берди. Мазкур форумда препарат кашфиётчиларидан бири, Миллий Фанлар Академияси президенти Кунсулу Закаря тақдим этган китоб ҳам қисқа муддатда касалликка қарши самарали кураша оладиган QazVac вакцинасини яратган қозоғистонлик олимларга бағишланди. Унинг таъкидлашича, асарда вакцина яратилиши тарихи, биринчи қадамлардан ишлаб чиқаришгача бўлган жараёнлар тасвирланган.

Кунсулу Закаря, Қозоғистон Республикаси Президенти қошидаги миллий фанлар академияси президенти:

- Мамлакат раҳбариятининг куч-ғайрати, айнан Давлат раҳбари Қосим-Жўмарт Кемелевич Тўқаевнинг бевосита назорати остида биз ушбу вакцинани яратдик, Марказий Осиё ва Қозоғистондаги дастлабки биофармацевтика заводини ишга туширдик, тўла циклли биофармацевтикани шакллантирдик. У GMP халқаро стандарти сертификатини олган. Жараёнда 6 миллион доза вакцина ишлаб чиқарилди. Бу дори-дармонлар вакцинация ва ревакцинация даврида тўла-тўкис ишлатилди. Демак, биз кўплаб одамлар соғлигини, ҳаётини сақлаб қолишга муваффақ бўлдик.  

Форумда мамлакатимиздан ва АҚШ, Туркия, Австрия, Қирғизистондан келган кўплаб таниқли генетиклар, вирусологлар, эпидемиологлар иштирок этди. Экспертлар ягона тўхтамга келди: яратилган вакциналарни такомиллаштириб бориш зарур. Шунда улар самарадорлигини йўқотмайди.

Шуҳрат Миталипов, олим, генетик, орегон соғлиқни сақлаш ва фан университети эмбрионал ҳужайра ва ген терапияси маркази раҳбари /АҚШ/:

- Биз Ковид-19 берган сабоқларни унутмаслигимиз зарур, янги пайдо бўладиган касалликларнинг олдини олишимиз, дарҳол уларни даволаш усулларини ишлаб чиқишимиз зарур. Шунда вирусдан талафот камроқ бўлади. Вируслар тарқалишини кутмаслигимиз, қандайлари пайдо бўлишини олдиндан кўра олишимиз лозим. Навбатдаги хавфли касаллик қандай кўринишда бўлиши ҳақида олимлар тахмини бор. Биз эҳтимолий офатга қарши вакцина тайёрлаб боришимиз зарур. Агарда муаммо туғилса, дарҳол заводларга ишлаб чиқариш учун юборишимиз керак.

Абдумалик Сарманов таржимаси