2024 йилнинг биринчи ярмида 1 триллион 600 миллиард тенге қийматга эга қишлоқ хўжалик маҳсулоти етиштирилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,4 фоизга кўп. Чорвачиликда ҳам, зироатчиликда ҳам юқори кўрсаткичлар кузатилди. Қишлоқ хўжалик вазирлиги агросекторда ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, бизнес учун янги имкониятлар яратиш мақсадида қўшимча чора-тадбирлар кўряпти.
Ўлжас Тилебалдин, Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири расмий вакили:
– Баҳорги экин-тикин ишлари ва ҳосил йиғим-терими учун ажратилган кредит ҳажми 580 миллиард тенгега етди. Ҳукумат йил бошида фермерларга йиллик 5 фоиз устамали 180 миллиард тенге маблағи ажратганди. Унга қўшимча сифатида 400 миллиард тенге миқдорида маблағ берилди. Енгиллатилган қарзларнинг етарлича бўлиши фермерларнинг маҳсулот етиштиришда технология талабларини тўла бажариши учун имконият яратди. Айни вақтда, кредит олиш жараёнини енгиллатиш учун минтақалардаги ижтимоий-тадбиркорлик корпорациялари бу ишга жалб этилди.
Таъкидлаш лозимки, қишлоқ хўжалигида ўсиш айниқса Жамбил, Туркистон, Алмати, Қўстанай, Қизил Ўрда, Павлодар ва Атирау вилоятларида кузатилди. Ҳукумат ҳозирлаган 2028 йилгача қайта ишлаш соҳасини ривожлантириш мажмуавий режасига кўра, қайта ишланган маҳсулот ҳажми 70 фоизга ўсиши мўлжалланяпти. Бу режани рўёбга чиқариш учун 372 миллиард тенге ажратилади. Шундан 150 миллиарди лойиҳаларга инвестиция сифатида киритилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.