Эҳтимол, ҳатто ибтидоий одамлар ҳам, қизиқувчанликданми ёки зарурат туфайлими, яқин кунларда қандай об-ҳаво бўлишини аниқлашга урингандир. Арасту шарофати билан метеорология деган фаннинг расман пайдо бўлиши эрамизгача бўлган 4-аср, деб ҳисобланади. Айни ўша пайтларда бу донишманд юнон ўзининг «метеорологика» трактатини ёзган. Унда қизиқарли нарсалар кўп эди, масалан, кометалар ёмон ҳодиса даракчиси эканлиги, қуёш ердан анчагина катталиги. Қолаверса, Арасту турли-туман ёғин шаклларини совуқ ҳаво массасининг ҳаракати билан боғлайди.
Бугунги кунда метеорология – равнақ топган фан, анчагина илғор технологиялар билан қуролланган. Ушбу илм сиёсий тузумлардан юқори туради ва давлат чегараларидан кенгроқ. Бутун дунё метео-мутахассислари ўзаро хабардорликда ишлайди, дейиш мумкин – фақат шу йўл билангина улар аниқ башорат бера олади.