Қозоғистонлик қутқарувчилар Туркияга йўл олди

Қозоғистонлик қутқарувчилар Туркияга йўл олди

Улар билан бирга ўргатилган итлар ҳам юборилди. Мамлакат вакиллари даҳшатли зилзиладан зарар кўрган ҳудудларда жабрланганларни қидирув-қутқарув ишларида қатнашади. Қозоғистонлик мутахассислар махсус асбоб-ускуна, автомобиль ва жиҳозлар, тиббий жиҳозлар, чодирлар каби зарур ашёлар билан таъминланган.

Туркия ва Сурияга ёрдам

Айни вақтда, Туркияга бутун жаҳон ҳамжамияти ёрдамга келди. Греция қутқарувчилар, тиббиётчилар ва сейсмологлар юборган. Бирлашган Араб Амирликлари Туркияда дала госпиталини очган, Қатардан дастлабки эҳтиёж маҳсулотлари етказиб берилди.

Европа Иттифоқига кирувчи 15 та давлатдан қутқарувчилар йўлланган. Ташкилот Анқара мурожаатидан сўнг фуқаро мудофааси механизмини ишга туширди. Еврокомиссия фавқулодда вазиятдаги ҳудудлар харитасини яратиш учун Коперник сунъий йўлдош тизимидан фойдаланиш имконини берди. Брюссель Сурия ҳукуматига ҳам айни ёрдамни кўрсатди.

Балаж Ужвари, Еврокомиссия матбуот котиби:

- Биз турли давлатлардаги ўндан зиёд қутқарув хизматини оёққа турғаздик. Болгария, Хорватия, Чехия, Франция, Греция, Нидерландия, Польша ва Руминия вакиллари ёрдамга етиб келди. Венгрия, Италия, Испания, Мальта ва Словакия ҳар томонлама кўмак беришга тахт. Туркия раҳбарияти билан мунтазам алоқадамиз, заруратга кўра ҳар қандай ёрдамни ташкил этишга тайёрмиз.

Президент Ражаб Тойиб Эрдўғон ҳалок бўлганлар хотирасига Туркияда етти кунлик умуммиллий мотам эълон қилди. У 12 февралгача давом этади. Туркия ва унинг хориждаги идораларида давлат байроғи туширилади. Мактаб ва университетларда ўқиш тўхтайди. Эслатамиз, 6 февраль куни Туркияда етти баллдан кучли бўлган иккита зилзила юз берди. Сўнгги маълумотларга кўра, мамлакатда жами 5,5 мингтадан зиёд бино вайрон бўлган. Жабрланган ҳудудларда 15 минг нафар қутқарувчи ва ҳарбий хизматчи иш олиб бормоқда.

Абдумалик Сарманов таржимаси