Қозоғистонда болалар овқатланиши ҳақида китоб чиқди

Қозоғистонда ота-оналар учун болаларни тўғри овқатлантиришга оид қўлланма чоп этилди. Унга олти ойдан уч ёшгача бўлган гўдаклар парваришига оид мутахассисларнинг амалий тавсия, маслаҳатлари киритилган. Лойиҳани Ижтимоий соғлиқни сақлаш миллий маркази мутахассислари ЮНИСЕФ ва Қозоғистон Аёллар кучи альянси ёрдамида рўёбга чиқарди. Қўлланма муаллифлари айтишича, китобдаги маълумотлар қозоқ ва рус тилларида, ҳозирча электрон форматда тайёрланган. Кейинги ойларда нашр қоғоз кўринишида чоп этилади. Сўнгра тиббий ташкилотлар, таълим даргоҳлари ва маҳаллий ижро органларига тарқатилади. Лойиҳанинг энг асосий мақсадларидан бири –  ёш ва тажрибасиз ота-оналарга фарзандини ёшлигидан тўғри овқатлантиришни ўргатишдан иборат, дейди экспертлар.

НАТАЛЬЯ ЮШИЦИНА, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРЛИГИ ИЖТИМОИЙ СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ МИЛЛИЙ МАРКАЗИ БОЛАЛАР ВА АЁЛЛАР САЛОМАТЛИГИНИ МУСТАҲКАМЛАШ ЛОЙИҲАСИ МУВОФИҚЛАШТИРУВЧИСИ:

- Марказий Осиё, Кавказ минтақасида бундай китоб ҳали-ҳозирча чоп этилмаган. Китоб лойиҳаси фақат Қозоғистонда мавжуд. Унда емакни тўғри тайёрлаш учун таомномалар, овқат таркибига нималар кириши лозимлиги, қандай қайта ишланиши, қандай кўринишда болаларга бериш кераклиги аниқ берилган. Шу тариқа,  6 ойлигидан гўдакни қўшимча овқатлантиришни бошлаш, турли таомларга ўргатиш ва 2  ёшга етганидан кейин кўкракдан ажратиш тавсия қилинади.