Қозоғистон ва Франция Иле-Балхаш ҳавзасини биргаликда тадқиқ этади

Қозоғистон ва Франция Иле-Балхаш ҳавзасини биргаликда мажмуавий тадқиқ этади. Томонлар тегишли меморандум ва уч томонлама шартнома имзолаш ниятида. Сув захиралари ва ирригация вазирлиги Франциянинг Тараққиёт агентлиги ҳамда Геологик ва тоғ тадқиқотлари бюроси билан бирга иш юритади, шу жумладан, ер ости сувларини ўрганиш ва кузатишни йўлга қўяди. Сув захиралари ва ирригация вазири ва Франциянинг Қозоғистондаги элчиси учрашувида шундай баёнот берилди. Таъкидлаш лозимки, томонлар декабрь ойида ўтказиладиган One Water саммитда келишувларни яна бир марта муҳокама қилади.

Нуржан Нуржигитов, Қозоғистон Республикаси Сув захиралари ва ирригация вазири:

– One Water Summit анжуманида Қозоғистондаги сув ҳавзалари  Каспий денгизи, Балхаш, Шимолий Оролни сақлаб қолиш масаласини кўтарамиз. Франциядаги ҳамкорларимиз билан буни муҳокама қиламиз, улар билан тиғиз алоқалар ўрнатилган. Давлат ташрифи давомида ҳам иккита меморандум имзолаш ниятидамиз. Бу эса ўзаро фойдали ҳамкорлигимизни давом эттиришга, ривожлантиришга хизмат қилади, деб ҳисоблайман. 

Таъкидлаш лозимки, француз компаниялари Қозоғистонда сув омборлари, каналлар, бошқа иншоотлар қуриш ва уларни реконструкция қилишда қатнашиш ниятида. Сув захираларини бошқариш билан шуғулланувчи корхоналар ҳам қизиқиш кўрсатяпти.

Абдумалик Сарманов таржимаси.