Қозоғистон пойтахтида самолётлар таъмирланади

Қозоғистон пойтахтида самолётлар таъмирланади

Қозоғистон пойтахтида Марказий Осиёдаги самолётларга хизмат кўрсатувчи дастлабки сервис маркази иш бошлади. Ҳозирча унда ҳарбий ҳаво кемалари таъмирланади. Келажакда фуқаро авиацияси йўналиши ҳам қамраб олинади.

Ўралбай Мамбетов, Қозоғистон Республикаси Саноат ва инфратузилмавий тараққиёт вазирлиги департаменти бошқарма бошлиғи:

- Мазкур сервис маркази бутун Марказий Осиё минтақасини қамраб олиши режалаштирилган. Ҳарбий йўналишда ҳозир Airbus компаниясининг «СИ-295» маркали самолётларини ўзлаштиряпмиз. Меморандумга кўра, биздаги имкониятлар бўйича Airbus техник аудит ўтказяпти, ҳаммаси таҳлил қилинади.

Сервис марказида маълум қилишларича, унинг барпо этилиши мураккаб таъмир ишларини ўтказиш имконини беради. Мутахассисларимиз бу борада катта тажрибага эга бўлган Испанияда таълим олди. Келгуси икки йилда ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш ишлари тўлиқ ўзлаштирилиши кутиляпти.

Айдар Ануарбек, Авиатехникани йиғиш, таъмирлаш ва сотиш бўйича компания лойиҳалар бошқармаси раҳбари:

- Шу типдаги самолётлар билан ишлаган хорижлик тажрибали мутахассислар жалб этиляпти. Уларнинг тажрибасини ўрганамиз, малака оширамиз. Таъмир ишлари тобора кўпроқ мамлакатимиз корхоналарида локаллашади.

Таъкидлаш лозимки, мудофаа саноатини ривожлантириш концепциясига кўра, келгусида Кўкшетауда Калашников автоматлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Абдумалик Сарманов таржимаси