Kazatomexpo ядро технологиялари кўргазмаси бошланди

Пойтахтда KazAtomExpo халқаро ядро технологиялари кўргазмаси ўтказиляпти. Унда Қозоғистонда бунёд этилиши мумкин бўлган атом электр станцияси истиқболларини кўриш мумкин. Эслатамиз, шу кунларда 4 нафар номзод кўриб чиқиляпти. Франция, Жанубий Корея, Хитой ва Россия компаниялари қурилиш бошлашга тайёр. Лекин Қозоғистон ҳозирча бирорта ташкилот билан шартнома тузмади.   Мамлакатимиз уран экспорти бўйича дунёдаги пешқадам давлатлардан, янги станцияда маҳаллий хомашёдан фойдаланиш зарур. Бунёд этилиши кутилаётган атом электр станциясининг қатор компонентлари Қозоғистон корхоналарида ишлаб чиқарилиши шарт. Шуларни ҳисобга олган ҳолда, мамлакатимиз компаниялари ҳам лойиҳани рўёбга чиқиш бўйича фикрларини бермоқда.  

Ғумар Серғазин, Қозоғистон Республикаси Энергетика вазирлиги Атом энергетикасы ва ишлаб чиқариши департаменти директори:

– Ҳозир аҳоли ўртасида тўлақонли маълумот бериш ишлари амалга ошириляпти. Бундан мақсад – ҳар бир фуқаро компаниялар айнан қандай технологияларни таклиф этаётганини ўз кўзи билан кўриши, тушуниб етиши ҳисобланади. Имкони борича одамлар компаниялар тажрибаси, реактор намуналари билан танишгани маъқул, деб ҳисоблаймиз. Улар ўз мамлакатида хорижда қандай лойиҳалар рўёбга чиқарилгани ҳақида билиб олишларини истардик. Бунда энг замонавий, 3+ тоифасидаги технологиялар таклиф этиляпти. 

Қозоғистон раҳбариятининг мазкур компанияларга қўйган яна бир шарти – корхонада ишлайдиган маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш. Шунингдек, мавжуд кадрларнинг малакасини оширишлари зарур. Айни вақтда, қатор олий таълим даргоҳлари мутахассислар тайёрлашга киришган. 

Медеу Абишев, ал-Форобий номли Қозоғистон Миллий университети назарий ва ядро физикаси кафедраси мудири:

– Ўтган йилдан Ядро физикаси институти билан бирга ядро муҳандислиги ихтисосини очдик. Унда атом электр станцияларида ишлай оладиган муҳандислар тайёрланади. Шу вақтгача фақат илмий изланишлар билан шуғулланадиган мутахассисларни тайёрлаб келганмиз. Энди эса корхоналарда ишлай оладиган ходимларга ҳам талаб ортиши кузатиляпти, биз уларга билим беряпмиз. 

Таъкидлаш лозимки, атом электр станцияси қурилиши масаласи умумхалқ референдумида кўриб чиқилади. Ҳозир эса минтақаларда аҳоли ичида тушунтириш ишлари юритиляпти.

Абдумалик Сарманов таржимаси.