Интернет-товламачиликка қарши курашувчи стартап иш бошлади

Интернет-товламачиликка қарши курашувчи стартап иш бошлади

Қозоғистонда интернет-товламачиликка қарши курашга мўлжалланган ўзига хос стартап иш бошлади. У алдов орқали даромад топишни мўлжаллаган сайт ва иловаларни блоклаш имконини беради. IT-тизим нейротармоққа эга, веб-ўргимчак ёрдамида фишинг сайтларни қидиради. Ишланма муаллифлари таъкидлашича, бу тенги йўқ лойиҳа Қозоғистон ва АҚШда патент олган.

Артур Нурғўжаев, компания техник директори,  стартап асосчиси:

- Деярли ҳар сонияда навбатдаги товламачи сайтлар пайдо бўляпти, ҳаволадаги битта ҳарфни ўзгартирган ҳолда уни чексиз даражада кўпайтирса бўлади. Одатдагича фикрлайдиган одамлар эса у аллақачон блокланган, деб ўйлаши мумкин. Лекин биз таклиф этган ечим сайт қайта жонланганини кўрсатиб бера олади.

Қозоғистон олимларининг кашфиёти синовдан ўтди. Тизим йирик нефть-газ  миллий компанияси IPO га кириши арафасида ишга туширилган 16 та товламачи сайтни аниқлади. 10 мингдан зиёд қозоғистонлик рўйхатдан ўтишга улгурган. Республика Ички ишлар вазирлиги берган маълумотга кўра, мамлакат фуқаролари сўнгги ойларда интернет-товламачиларга 15 миллиард тенге маблағини олдирган.

Жанна Ақжанова, компания бош директори, стартап асосчиси:

- Биз нафақат бизнесга, балки ҳуқуқ-тартибот органларига ҳам ёрдам бера оламиз. Улар бугунги кунда фақат жабрланганлар билан ишлашга мажбур. Ҳисобот орқали товламачиларнинг IP-манзилини олиш, вазиятни кузатиб бориш имконияти туғилади. Тизим дарҳол янги маълумотларни чиқариб беради.

Абдумалик Сарманов таржимаси