Давлат мукофотлари ўз эгаларига топширилди

Ватан ҳимоячилари куни ва Ғалаба байрами ҳарбий анъаналар давомийлигини,  аждодларимизнинг қаҳрамонлик йўлига садоқатни намоён этади. Бугун Қосим-Жўмарт Тўқаев давлат мукофотлари, юксак ҳарбий ва махсус унвонларни топшириш маросимида шу ҳақда айтиб ўтди. Давлат раҳбари – Қуролли кучлар Олий бош қўмондони тадбир иштирокчиларини қутлади ва таъкидладики, Қозоғистон армияси мамлакатимизнинг ҳудудий бирлиги ҳамда барқарорлигининг ишончли қалқонига айланган. Ҳимоячилар тинчлик пайтида ҳам қаҳрамонлик кўрсатмоқда. Масалан, жорий йилдаги катта миқёсдаги тошқинларга қарши курашда.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

– Ушбу мураккаб даврда Миллий гвардия, ИИВ, МХҚ, ФВВ ва Давлат муҳофазаси хизматининг шахсий таркибидаги ҳарбий хизматчилар илғор сафларда туриб, қасамёдга садоқатнинг ёрқин намунасини кўрсатди. Улкан миқёсдаги сув тошқинлари билан курашда 9 мингдан ошиқроқ аскар иштирок этди. Фурсатдан фойдаланиб, Шимолий Қозоғистон вилоятида табиий офатга қарши курашда жонбозлик қилган 300 нафар ҳарбийлар хизматини кўрсатиб ўтмоқчиман. Улар кеча-ю кундуз тўғонлар барпо этди, аҳоли манзилларини тошқиндан қутқаришда қатнашди.

Ўсиб бораётган геостратегик турбулентлик пайтида кучли ва жангга лаёқатли армиянинг аҳамияти сезиларли ошади, дея уқтирди Қосим-Жўмарт Тўқаев. Қозоғистонлик ҳарбий хизматчилар БМТ шафелигидаги тинчлик ўрнатиш миссияларида иштирок этиш орқали ўз профессионаллигини намоён қилмоқда. Давлатимиз томонидан ёш аскарлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб,  рағбатлантирилмоқда. Ҳарбий хизматчиларнинг касбий маҳоратини ошириш,  шунингдек, республика Қуролли Кучларини модернизация қилиш бўйича ишлар давом эттирилади, деди Қозоғистон Президенти.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

– Қозоғистон бутун дунёга ўзини тинчликсевар мамлакат сифатида тақдим этган ва барча давлатлар билан дўстона муносабатлар ўрнатган. Ишончимиз комил, ҳар қандай зиддиятни конструктив мулоқот йўли билан ҳал қилса бўлади. Бироқ бепарволик, ҳаракатсизликни кўрсатмаслик керак. Армиямиз турли таҳдидларга жавоб қайтаришга шай турмоғи лозим. Кучли армия – давлат таянчи.

Улар жасорати унутилмайди. Қозоғистонда уруш қатнашчилари эъзозланади. Давлат раҳбари Ғалаба байрами арафасида ҳар йили фахрийларга қўшимча пул маблағи берилишини ҳам айтиб ўтди. Маблағнинг жорий йилдаги миқдори - 3 миллион тенге. Қосим-Жўмарт Тўқаев эслатиб ўтганидек, шу йилдан бошлаб «Айбин» орденининг учта даражасига афсонавий юртдошларимиз – Сағадат Нурмағамбетов,  Бауиржон Мўмишули,  Рахимжан Қўшқарбаев номлари берилди.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.