Қозоғистоннинг беш минтақасида баҳорги қор эриши натижасида тошқинлар юз бериш эҳтимоли бор. Фавқулодда ҳолатлар вазири Юрий Ильин таъкидлашича, бу рўйхатга Ақмўла, Қарағанди, Қўстанай, Шарқий ва Шимолий Қозоғистон вилоятлари киради. Республикадаги 285 та аҳоли пункти, 300 та автомобиль трассаси ва олти юзта темир йўл участкаси шундай хавф остида. Мутахассислар таъкидлашича, мамлакатдаги йирик сув омборларининг 60-70 фоизи тўлган. Шу билан бирга, эгасиз қолган 25 та гидротехник иншоот аҳволи хавотир уйғотмоқда. Ўтган йили бундай иншоотлар сони 10 та эди. Жорий йилда 6 та сув омбори тикланиши кутиляпти, қолган 19 таси келгуси уч йил давомида таъмирланиши мўлжалланган. Синоптиклар берган маълумотга кўра, март ойида Қозоғистон ҳудудининг кўп қисмида ҳаво ҳарорати одатдагидан юқори бўлади.
Басима Сарманова таржимаси