Астанада «Қозоғистон – Кения» бизнес-форуми ўтказилди

Астанада «Қозоғистон – Кения» бизнес-форуми ўтказилди

Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Уилям Руто «Қозоғистон – Кения» бизнес-форумида иштирок этди. Давлат раҳбари мамлакатимиз имкониятларига алоҳида тўхталиб ўтди, таклифларни билдирди. Масалан, Қозоғистон Марказий Осиёдаги энг йирик иқтисодиёт ҳисобланади. Ялпи ички маҳсулотнинг 6,5 фоизга ўсиши бу фикрни тасдиқлайди. Республикада инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлаш учун институционал база шакллантирилди. Янги Конституцияда бунга мустаҳкам пойдевор қўйилди. "Қозоғистон-Кения" Тадбиркорлик кенгашини таъсис этиш, мунтазам савдо миссияларини ташкил қилиш, тажриба алмашиш - бу аниқ қадамлар икки давлат ўртасидаги амалий ҳамкорликни кучайтиради.


Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Қозоғистоннинг Кениядаги Фахрий консулининг бизнес масалалари бўйича координатор этиб тайинланиши тадбиркорлар ўртасидаги амалий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шунингдек, транспорт ва логистика инфратузилмасини яхшилашнинг истиқболли йўлларини ишлаб чиқиш учун экспертлар гуруҳини тузиш таклиф этилди. Ишончим комилки, ушбу чора-тадбирларнинг амалга оширилиши тез фурсатда вазирлар даражасида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия тузиш учун мустаҳкам замин яратади.


Биринчи навбатда транзит-транспорт соҳаси ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиради. Бугунги кунда Қозоғистон Евроосиёнинг асосий транзит хаби ҳисобланади. Хитой ва Европа ўртасидаги қуруқ орқали транзит ташувларининг 85 фоизи мамлакат ҳудудидан ўтади. Ўз навбатида, Кения Шарқий Африканинг асосий логистика дарвозаси, 300 миллион кишилик аҳолига эга бозорга киришни таъминлайди. Ўрта йўлакнинг Момбаса ва Ламу портлари билан боғланиши товар айирбошлаш ҳажмини ошириш имконини беради. Қишлоқ хўжалиги ҳам устувор вазиятда. Қозоғистон дон экспортини, Кения эса чой, қаҳва ва гуллар етказиб бериш ҳажмини ошириши мумкин. Президент тоғ-кон саноати ва геология-қидирув ҳам икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим йўналиши ҳисобланишини таъкидлади.


Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Биз геология, қидирув, қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун катта салоҳият кўрмоқдамиз. Қозоғистон бу борада билим ва тажрибасини баҳам кўришга тайёр. «Самруқ-Қазина” ва «NAMICO» компанияси ўртасида Кенияда инвестициявий лойиҳаларни рўёбга чиқариш, шу жумладан, қазилма бойликлардан фойдаланиш ва геология-қидирув соҳасида ташаббусларни баҳолаш ва илгари суриш тўғрисидаги битим имзоланганини олқишлаймиз.


Томонлар рақамлаштириш, сунъий интеллект ва космик технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини белгилаб олди. Шунингдек, Астана ва Найроби молия марказлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ҳақида  келишиб олдик. Уилям Руто Қозоғистон ва Кения биргаликда Марказий Осиё ва Африка ўртасида янги иқтисодий робита яратишига ишонч билдирди.


Абдумалик Сарманов таржимаси