Астана – орзулар ушаладиган замин

Астана – орзулар ушаладиган замин

Орзулар қаерга етаклайди? Астанага. Ҳарқалай, балерина Рее Ишикава ҳаётига назар соларканмиз, шундай хулосага келамиз. Қиз Японияда туғилган. АҚШда яшаган. Беларусда ўқиган. Ўзлигини эса Қозоғистонда топди. Санъаткор тақдирини «Астана Опера» билан боғлади, шу саҳнада санъатини намойиш этишга қарор қилди. Мамлакатимиз унга нимаси билан ёқади? Ҳамкасбимиз Марк Брюшко раққоса билан суҳбатда бўлди.

Рее Ишикава 4 ёшидан балерина бўлишни орзу қилган. Ҳаётидаги асосий орзусига Қозоғистон пойтахтида эришди. «Астана Опера» да ўтаётган тўртинчи мавсумида япониялик қиз хотирлайди...

Рее Ишикава, «Астана Опера» балет артисти:

- Қозоғистон ҳақида мен ҳеч нарса билмасдим. Умуман билмасдим... Лекин жуда яхши кутиб олишди. Мамлакат кутганимдан анча яхшироқ ривожланган экан. Яшаш қулай.

Балет артисти театрнинг деярли барча постановкаларида қатнашиб улгурди. Труппа таркибида гастролларга чиқди. Аслида шундай бўлмаслиги ҳам мумкин эди. Реега Қозоғистонни у таълим олган Минск университети педагоги тавсия қилган.

Рее Ишикава, «Астана Опера» балет артисти:

- Мен қозоқ рақсини ўрганишимга тўғри келди. Аввалига оғир бўлди. Чунки умуман бехабар эдим. Академияда ҳамма уни ўрганади. Лекин қозоқ рақслари жуда чиройли.

Уч йил сидқидилдан меҳнат қилган раққоса энг универсал артист мақомини олишга муваффақ бўлди.

Дамира Зайнуллина, «Астана Опера» балети педагог-репетитори:

- Рее билан боғлиқ лаҳзалар жуда кўп, бизда "Капели" спектакли бўлганди. Қиз оёқларини кўтарганича, саҳнага гўё учиб чиқди. Оркестрга яқин қолганида, қаддини ростлади... Унинг жуда яхши қобилияти бор. Бир ҳафта репетиция қилгандек рақс тушади. Бу менга ҳам, педагогларга ҳам жуда ёқади.

Ҳозир балерина ўзини бошқа жойда, деб тасаввур қила олмайди. Қозоғистондаги ҳамма нарса Реега ёқади: маданият ва тарихдан тортиб, миллий ошхонагача. Бешбармоқ ва бўғирсоқ жуда мазали, деб ҳисоблайди. У маҳоратини ошириш, етакчи яккахон бўлиш ниятида.

Абдумалик Сарманов таржимаси