35 га тўлмаганлар ёшлар деб белгиланади

 35 га тўлмаганлар ёшлар деб белгиланади

Қозоғистонда ёшлик чегараси 29 дан 35 ёшгача узайтирилади. Бу меъёр кўзда тутилган қонун лойиҳаси Мажилисда имзоланди ва ҳужжат Сенатга юборилди. Ахборот ва ижтимоий тараққиёт вазирлиги шундай ахборот тарқатди. Қозоғистон аҳли ва экспертлар бу ҳақда нима дейди? Ҳамкасбим Айгерим Акимжанова ҳикоя қилади.

35 ёш. Кўплаб Европа давлатларида ёшлик чегараси шундай белгиланган. Бу ҳақда ўтган йили президент Қосим-Жўмарт Тўқаев Ижтимоий ишонч миллий кенгашида гапирганди. Таъкидлангани каби, ўртача никоҳ ёши улғайиши сабабли шундай ўзгаришлар юзага келмоқда. Умуман олганда, кўпчилик ўқиш-ўрганишга, малака оширишга аввалгидан анча кўпроқ вақт сарфлайди. Ҳозирги кунда қозоғистонликларнинг 3,5 миллиони ёшлардан иборат. Парламент қонунни маъқулласа, улар сони икки марта ошади. 

Арман Тўқтушақов, халқаро сиёсат ва иқтисодиёт институти эксперти:

- Бундай меъёрлар тегишли қонунчилик жараёнлари орқали жорий этилса, давлатда олиб борилаётган ёшлар сиёсатига, ижтимоий ҳаётга ижобий таъсир кўрсатади. «Маънавий янгиланиш» ижтимоий тараққиёт институти ўтган йили аҳоли фикрини ўрганган. Мазкур тадбир доирасида “Ёшлик даврини 35 ёш билан белгилашга қандай қарайсиз?” деган савол қўйилган.  Сўровда қатнашганларнинг 60 фоизидан кўпроғи бу фикрга ижобий жавоб қайтарган.

Экспертлар фикрича, ёшлик чегараси ўзгариши қатор устунликлар беради. Бундан ташқари, вояга етганидан кейин ҳам анча узоқ давр мобайнида давлат ёрдамига эҳтиёж сезадиганлар кўпчилик эканлиги сир эмас. Ишга кириш, уй-жой харид қилиш, бизнесини оёққа қўйишга асос бўладиган ёрдам ва имтиёзлардан яна 6 йилгача фойдаланиш имконияти анчагина жозибали таклиф. 

Блиц:

- 35 ёшгачами? Менимча, 30 ёш ҳам ёмонмас, 35 ёшдагилар катта одам бўлади.

- Сал катароқлари ҳам фойдалангани маъқул. Барибир ёрдам бериш керак. Одамлар учун бу зарур

- Бир томондан, у қадар яхши эмас. Чунки ёш йигит-қизлар ялқов бўлиб қолиши мумкин. Кўпроқ нарсага эришишга интилмайди. Масалан, Германияда 29 ёшгача бўлганлар ёшлар ҳисобланади.

- Албатта яхши фикр, ёшлар учун ҳамиша яшил чироқ ёниб туриши керак, деб ўйлайман. Ёш оилалар оёққа туриб олишига кўмаклашиш лозим. Ҳаётда ўрнини топсин, болаларини улғайтирсин. Биринчи вақтда мақом бериш лозим. Агар шундай қарорга келинган бўлса, буни тўла маъқуллайман.

- Аъло! Яхши янгилик, чегара 35 ёшгача оширилса, кўп имкониятлар очилади. 30 ёшгача тушуниб етмаган кўп нарсани одам 30 ёшидан кейин англай бошлайди.

Ахборот ва ижтимоий тараққиёт вазирлиги берган маълумотга кўра, қозоғистонликларнинг бешдан бир қисми бу янгилик келажакка ишончни мустаҳкамлайди, ёшлар фаоллигини оширади, деган фикрда. Сўралганларнинг чорак қисми бу ўзгариш янги оилалар вужудга келиши, болалар туғилишига олиб келишини билдирган.

Абдумалик Сарманов таржимаси