Бугундан «ALAMAN» медиа танлови бошланади

Бугундан «ALAMAN» медиа танлови бошланади

Бугун, 1 сентябрдан бошлаб Қозоғистонда «ALAMAN» медиатанлови бошланади. У миллий спорт турларини оммалаштиришга мўлжалланган ва 6 ой давомида 7 та номинация бўйича ўтказилади. Танловга аналитик ва ахборот материаллари, энг яхши дастурлар, интервью ва суратлар тақдим этилиши мумкин. Танловдан мақсад – ушбу соҳада меҳнат қилаётган касбий салоҳияти юқори энг кучли журналистлар, муаллифларни аниқлашдан иборат. Миллий спорт ҳамжамияти берган маълумотга кўра, 2024 йилда Қозоғистонда бўлиб ўтадиган Бешинчи Умумжаҳон кўчманчилар ўйинларига эътибор қаратилади.


¤

Исламбек Салжанов, Қозоғистон Республикаси Миллий спорт ҳамжамияти президенти:

– Мазкур масала Давлат раҳбарининг эътиборида. Кўчманчилар ўйинлари кўлами йил сайин кенгайиб бормоқда. Масалан, 2014 йилда 19 та давлатдан 583 та спортчи қатнашганди. Тўртинчи биринчиликда эса 100 та давлатдан 3 мингдан зиёд атлет қатнашди. Келгуси тадбир мамлакатимизда ўтказилади. 100 дан ортиқ давлатдан 3 мингдан зиёд спортчи ва 15 минг нафар турист келади. Бу анжуман Қозоғистон давлати, халқи учун маданияти, тарихи ва анъаналарини оммалаштиришга хизмат қилувчи муҳим тадбир ҳисобланади.

¤

Шу билан бирга, ҳамжамият таркибидаги федерацияларнинг, шу жумладан, «Асиқ ату», «Тўғизқумалақ», «Камондан ўқ отиш», «Кўкпар» ва бошқаларнинг ютуқлари тилга олинди.  Йил давомида 9 та федерация спортчилари 12 та халқаро мусобақаларда 39 та олтин, 27 та кумуш ва 29 та бронза медалини олишди.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.