Қозоғистон бу гал ҳам «Ер соати» халқаро акциясини
қўллаб-қувватлади. Жорий йилда тадбир 28 март куни бўлиб ўтди. Бутун мамлакатда
юзлаб бино-объектлар соат 20.30 дан 21.30 га қадар меъморий ёритиш чироқларини
ўчирди. Астанада 50 дан зиёд ташкилот акцияни қўллаб-қувватлаган. Президент
қароргоҳи – Ақўрдада ҳам глобал ташаббусга қўллов белгиси ўлароқ ташқи ёритиш
чироқлари ўчирилди. Йирик спорт, таълимий ва саноат объектлари, шунингдек,
Мустақиллик саройи, Байтерек монументи бутунлай қоронғуликка чўмди. Машҳур
меъморий мажмуа қошида фаоллар, шаҳар аҳли ва меҳмонлари, жумладан, «Ер
амбассадорлари» ҳаракати вакиллари тўпланди. Акция иштирокчилари таъкидлаганидек, ушбу палла –
замонавий гажетлардан фойдаланмай туриб, жонли мулоқотдан завқ олишнинг ажойиб
имконияти. Айтиш жоиз, Қозоғистон 17-маротаба Бутунжаҳон
Ёввойи табиат жамғармаси шафелигида ўтказиладиган ҳар йилги халқаро «Ер соати»
экологик акциясига қўшилмоқда.
Жания Надир, «Ер амбассадорлари» Ёшлар экологик акцияси
фаоли:
– Мен Қозоғистон
фуқаросиман, экологиядан, мамлакатим эртасидан хавотирдаман. Шунинг учун
барчани мазкур акцияда қатнашишга чақираман. Бу жуда муҳим, чунки бу бизнинг
келажагимиз. Бу – биз ўзимиздан кейин қолдирадиган нарса. Шу боис, уни асраш
лозим.
Алан Бесен, «Барқарор тараққиёт» Ер жамғармаси Ёшлар
жамоат бирлашмаси раиси:
– Янги Конституцияда экологияга, атроф-муҳит муҳофазасига
эътибор қаратилган. Ва биз «Ер амбассадорлари» ҳаракати сифатида ҳар қанақасига
давлатимиз танлаган йўлни қўллаймиз. Шу билан бирга, «Таза Қазақстан» дастури
ҳам қамраб олинган, жорий йилда «Ер соати» акцияси давомида дарахт экилади.
Шаҳар ҳокимлиги тахминан 10 тача мактаб ҳудудини ажратган, бу ерларда
иштирокчилар томонидан «Ер соати» доирасида кўчат ўтқазилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси

