Туркманистон: Халқаро фестиваль ғолиблари тантанали кутиб олинди

Туркманистон: Халқаро фестиваль ғолиблари тантанали кутиб олинди

Туркманистонда цирк санъатига оид энг нуфузли дунёвий танловлардан бири – Монте-Карлодаги Халқаро 47-цирк  фестивали ғолиблари тантанали кутиб олинди. Монакода «Галкиниш», яъни «Қайта уйғониш» гуруҳининг миллий от ўйини ўз трюклари, чавандозлар маҳорати билан ҳакамларни ҳайратга солди, томошабинларда завқ уйғотди. Натижада, туркман артистлари нафақат бош совринни қўлга киритди, шунингдек, ёш ҳакам, итальян ва ҳинд цирклари мукофотини олди, шу билан бирга, фестиваль сертификатига эга бўлди. Аркадаг шаҳри аҳолиси ва меҳмонлари кўчаларга чиқиб, «Галкиниш» гуруҳини олқишлади. Тантанали маросимда тадбир иштирокчиларини туркман халқининг Миллий Раҳнамоси ва мамлакат Президенти табриклади. Улар ҳозирги пайтда республикада анъанавий от спорти фаол равнақ топаётганини таъкидлади.

Сердар Пигиев, Туркманистонда хизмат кўрсатган йилқичи:

- Мен учун шундай тарихий воқеанинг бир қисми бўлиш - катта шараф. Биз бутун дунёга ўзимизга хос жиҳатларимизни кўрсатиб, туркман санъати ривожига ҳисса қўша олганимиздан ғурурланамиз. Жаҳон саҳнасидаги ҳар битта ютуқ — фақат шахсий ғалаба эмас, балки бутун мамлакат зафаридир. «Галкиниш» асрлар бўйи шаклланиб келган анъаналар билан боғлиқликни англатади. Бизнинг гуруҳимиз кўҳна анъаналарни замонавий ютуқлар билан бирлаштирган ҳолда цирк санъатини асраб, ривожлантириб келмоқда.

Абдумалик Сарманов таржимаси